Ҳиндистонлик аёл Осиёнинг энг бой аёлига айланди
У ўз даромадини 2 йил ичида 12 млрд долларга оширган.

“Jindal Group” саноат конгломерати эгаси ҳиндистонлик Савитри Жиндал 15,6 миллиард доллар бойлиги билан Осиёнинг энг бой аёлига айланди. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар қилди.
Қайд этилишича, икки йил аввал Жиндалнинг бойлиги бор йўғи 3,2 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2022 йил апрелида у 10 миллиард доллардан ошган.
Унга тегишли бўлган “Jindal Group” пўлат ишлаб чиқаради ва цемент, энергетика инфратузилмаси билан шуғулланади. Аёл конгломерат асосчиси, яъни эри 2005 йилда вертолёт фалокатида ҳалок бўлганидан кўп ўтмай компания бошқарувини қўлга олган.
“Bloomberg” тузган рейтингга кўра, дунёнинг энг бой 500 кишисидан 68 нафари аёллардир.








