Медведев шов-шувли постга изоҳ берди
Бир неча кун олдин унинг ВКонтакте” саҳифаси хакерлар ҳужумига учрагани маълум қилинганди.

Бундан бир неча кун олдин Дмитрий Медведевнинг “ВКонтакте” саҳифасида катта муҳокамаларга сабаб бўлган пост эълон қилинганди. Унда Россиянинг қатор давлатларга ҳудудий даъволари ҳақида сўз боради.
Орадан бир неча дақиқа ўтиб ушбу хабар ўчириб ташланади. Шундан кейин Кремль собиқ президент саҳифаси хакерлик ҳужумига учрагани ҳақида маълум қилди.
Бугун РФ хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари ушбу ахборот хуружидан кўзланган мақсадни очиқлади.
“Бизни ШҲТ, КХШТ ва ЕОИИдаги иттифоқчилар билан тўқнаштиришдан манфаатдор давлатлар ва сиёсатчилар етарлича топилади. Биз уларга бундай имконият бермаймиз”, – деган Медведев.
Сиёсатчи бу каби провокацион постлар орқали қўшни давлатларни Россия билан қарама-қаршиликка бориши кўзланганини таъкидлади.
Аввалроқ Медведев АҚШнинг сайёра устидан ҳукмронлиги тугаганлигини айтганди.







