Тошкентда 12 қаватли бино ёниб кетди
Ҳодиса жойига ФВБ раҳбарияти, ИИБ ва ССБ ходимлари етиб борган.

Бугун, 5 август куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида кўп қаватли уйлардан бирида ёнғин содир бўлди. Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 18:23 да Чилонзор тумани Сеул кўчасидаги 12 қаватга мўлжалланган қурилиши тугалланмаган бинода ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида шаҳар ФВБга хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 2 та автонарвон воқеа жойига соат 18:28 да етиб бориб, ёнғин соат 18:44 да ўчирилган. Шунингдек, ҳодиса жойига ФВБ раҳбарияти, ИИБ ва ССБ ходимлари етиб борган.
Дастлабки маълумотларга, кўра ёнғин натижасида бинонинг 2 қаватида 140 квадрат метр майдонда қурилиш маҳсулотлари ёниб зарарланган. Ёнғин оқибатида фуқароларни тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.








