Хитой Евроиттифоқдан аразлади
Мамлакат ўз элчиларини Европадан чақиртириб олмоқда.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Европадан элчиларини чақиртириб олди. Бу ҳақда “Associated Press” агентлиги хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бунга Хитой армиясининг Тайван атрафида ҳарбий машғулот ўтказилиши ортидан G7 давлатлари ва Евроиттифоқ танқидий баёнот билан чиқши сабаб бўлган. Расмий Пекин уларга “Хитойнинг ички ишларига аралашиш” дея норозилик билдирган.
“Пелосининг Тайванга ташрифи очиқдан-очиқ сиёсий ҳийла-найранг ва Хитой суверенитетини қўпол бузишдир. Тайван-АҚШ провокациясига жавобан Хитойнинг қарши ҳужуми табиийдир”, — деди мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари.
Элчилар билан учрашув 4 август куни кечқурун бўлиб ўтган, бироқ вазирлик унда қайси давлатлар иштирок этганига аниқлик киритмаган. Хитой G7 эълонига норозилик сифатида Япония билан музокараларни бекор қилди.
Тайван Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, жума куни эрталаб Хитой ҳарбий кемалари Тайван бўғозидаги орол ва Хитой ўртасидаги норасмий буфер зонадан ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Хитой армияси АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг Хитой ўз ҳудуди деб ҳисоблайдиган оролга ташрифига жавобан Тайван атрофида ракета учирилиши билан ҳарбий машғулотларни бошлаган эди.








