Тошкентда дарахтга шикаст етказилгани бўйича жиноят иши очилди
Бош прокуратура текширув натижаларини маълум қилди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида дарахтларга зарар етказилгани хабар қилинганди. Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилиб, текширув натижалари эълон қилинди.
Қайд этилишича, мутахассислар томонидан Чилонзор шоҳкўчасидаги қурилиш ҳудудида мавжуд бўлган 108 та дарахт аҳволи ўрганилган. Ўрганишда 7 дона “Эман” дарахтининг томир қисми очилиши оқибатида шикаст етказилгани ҳамда дарахтлар хавф остида қолгани аниқланган.
Ушбу ҳолатда зудлик билан чоралар кўрилмаган тақдирда шикаст етказилган дарахтлар қуриши оқибатида табиат ва атроф муҳитга 348,9 млн сўм зарар етказилишига олиб келиши мумкинлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








