Чилонзорда 100 дан ортиқ дарахт шикастлангани маълум бўлди
Ҳисоб-китобларга кўра, табиатга 420 млн сўм зарар етказилган.

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Чилонзор кўчасини реконстукция қилиш жараёнида дарахтларга шикаст етказилгани ва бу бўйича Бош прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди.
Давлат экология қўмитаси ҳам дастлабки ўрганиш ишлари ва унинг натижалари бўйича расмий баёнот эълон қилди.
Аниқланишича, Чилонзор кўчаси йўлини реконструкция қилиш жараёнида умумий режалаштирилган 1,4 км йўл таъмирлаш лойиҳасининг 300 метр қисмида эски ирригация тармоқлар (лотоклар) олиб ташланиб, йўлни кенгайтириш ва сатҳини 1 метргача пасайтириш ишлари амалга оширилган.
Мазкур қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёнида Чилонзор кўчасидаги мавжуд жами 101 туп дарахтларга, шу жумладан, 92 туп эман, 1 туп чинор, 5 туп тут, 2 туп арча ва 1 туп мевали беҳи дарахтларининг илдиз қисмини шикастланганлиги аниқланган.
Диаметри 45–98 сантиметргача бўлган 7 туп эман дарахтларининг илдиз қисмига жиддий шикаст етказилганлиги маълум бўлган бўлса, қўшимча ўрганиш натижасида яна 2 туп эман, жами 9 туп эман дарахтларининг илдиз қисмига жиддий шикаст етказилганлиги маълум бўлган. Мутахассислар фикрига кўра, ушбу дарахтларни сақлаб қолиш эҳтимоли хавф остида.
Шунингдек, Чилонзор кўчасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида қолган 90 дан ортиқ дарахтлар ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикастлангани аниқланган.
Тошкент шаҳар, Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида дарахтларни илдиз тизимига шикаст етказилиши ҳолатлари билан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунининг 32, 37-моддалари талаблари бузилишига олиб келган.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, дарахтларни илдиз тизими жиддий шикастлантирилганлиги натижасида ўсимлик дунёсига 420 млн 450 минг сўм миқдорида зарар етказилганлиги ҳисоб-китоб қилинган.
Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, қурилиш лойиҳаларни амалга оширишдан олдин экологик меъёрий лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ҳамда мажбурий тартибда Давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши белгиланган. Аниқланишича, мазкур йўл қурилиш-таъмирлаш объекти бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда Давлат экологик экспертиза хулосаси олинмаган.








