Қашқадарёда 2 нафар бола ўта хавфли касалликдан вафот этди
Uning yuqumli infeksion virus ekani aytilmoqda.

Аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 2 нафар бола номаълум касалликдан вафот этгани хабар қилинганди. ССВнинг дастлабки хулосаларига кўра, улар ўта хавфли инфекцион касаллик – геморрагик иситмадан вафот этгани тахмин қилинганди.
Кеча, 6 август куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги матбуот хизмати болалар ўлимига нима сабаб бўлганини очиқлади. Маълум бўлишича, ўшанда ғузорлик болалар Қрим-Конго вируси сабаб вафот этган.
Мутахассиснинг таъкидлашича, Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги вирус қўзғатадиган, каналар орқали трансмиссив йўл билан юқадиган, табиий ўчоқли ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади. Йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган иксод каналари ушбу касаллик вирусининг сақловчиси ва ташувчилари ҳисобланади.
Яна бир хавфли томони – бу ҚКГИ билан оғриган беморнинг қони орқали ҳам гемоконтакт йўл билан соғлом одамга юқади. Касалликнинг яширин даври ўртача 2 – 3 кун давом этади. Баъзида бу давр бир неча соатларгача қисқаради ёки 14 кунгача чўзилади.
Касаллик табиий шароитда ўзида геморрагик иситма вирусини сақлайдиган каналарнинг чақиши ва қўлларни кана қони билан ифлосланиши натижасида одамларга юқади.
У ўткир бошланиб, тана ҳароратининг кўтарилиши, юз, бўйин, кўкрак қисми териларининг қизариши, баданнинг совуқ қотиб, қалтираши, мушакларнинг оғриши, тошма тошиши, милк, бурун, ошқозон-ичаклардан қон кетиши, инъексия жойларида қон қуйилишлар каби аломатлар билан намоён бўлади. Баъзида касаллик оғир кечиб, ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилади.
Яна бир жиҳат мазкур касаллик геморрагик белгиларсиз шаклда ҳам кечиши мумкин. Касалликнинг бу шаклида баданда тошмалар тошмайди, қон талашлар кузатилмайди, органларлардан қон кетмайди, касаллик асосан иситма ва интоксикация аломатлари билан кечади. Бундай беморлардан лаборатория текшируви учун қон олиш ҳамда тери бутунлиги бузилиши билан кечадиган муолажаларни амалга ошириш жараёнларида эпидемияга қарши талабларга риоя қилмаслик натижасида тиббиёт ходимларига касаллик юқиши мумкин.








