Тошкент вилоятида 100 минг долларлик жиноят фош бўлди
Ҳолат бўйича Бош прокуратура маълумот берди.

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ноқонуний ер сотилиши билан боғлиқ жиноят фош бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилоят прокуратураси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳодимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбир давомида А.Б. Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги У.Юсупов массивидан туман ҳокимининг 07.08.2019 йилдаги қарори билан “XALQOBOD DILOROM AGRO” фермер хўжалигига 49 йил муддатга ижара асосида ажратилган жами 36,8 га суғориладиган ер майдонини ноқонуний равишда М. Ф.га 100 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, келишилган пуллардан 25 минг АҚШ долларини мурожаатчидан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229-6-моддаси (Суғориладиган ер участкасига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








