Сирдарёда илк бор буйрак кўчириш амалиёти ўтказилди
Операция жараёни 5 соат давом этган.

Академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари ва маҳаллий шифокорлар ҳамкорлигида Сирдарё вилоятида илк бор ноёб жарроҳлик амалиёти — буйрак трансплантацияси амалга оширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, операция 23 ёшли беморда ўтказилган. Даврон Абдураҳмонов бундан тўрт йил аввал унга оғир хасталик — сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Бир йил ўтмай эса гемодиализ муолажаларини ола бошлаган. Бироқ касаллик терминал босқичга ўтгани сабабли уни ҳаётга қайтаришнинг ягона усули сифатида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти тавсия этилган.
“Гулистон тиббиёт кластери”да амалга оширилган мазкур операция қарийб 5 соат давом этди. Унда беморга 53 ёшли онаси Ҳафиза Бердиёрованинг бир буйраги кўчириб ўтказилди. Ҳозир ўғил ва онанинг аҳволи яхши ва шифокорлар томонидан тиббий назоратга олинган.
“Ёш бўлсам-да, бу касалликдан кўп азоб чекдим. Қолаверса, ҳар 3-4 кунда гемодиализ муолажаси орқали қонимни тозалатишга мажбур эдим. Яхшиям онажоним бор экан. Уларнинг меҳри туфайли яна ҳаётга қайтяпман. Бунинг учун улардан миннатдорман”, — дейди бемор Д. Абдураҳмонов.
Шифокорларнинг таъкидлашича, бугунги кунда замонавий трансплантология оғир буйрак хасталикларига чалинган кўплаб беморлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини бермоқда.








