Жиззахда куёвнинг дўстлари унинг қариндошини дўппослади
Ҳолат юзасидан 8 кишига жиноят иши очилган.

Ижтимоий тармоқда Жиззах шаҳрининг “Ҳамзаобод” МФЙ ҳудудидаги автобекатда 11 август куни 20 дан ортиқ безори томонидан 4 нафар шахсга тан жароҳати етказилгани ва жабрланувчилар шифохонада биринчи тиббий ёрдам олгани тўғрисида маълумот тарқалди. Шунингдек, тан жароҳати олган шахслар ички ишлар органларига мурожаат қилганларида уларнинг аризалари қабул қилинмагани, шаҳарда безорилар гуруҳи пайдо бўлгани айтилган. Ҳолатга вилоят ИИБ ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, Жиззах шаҳрининг Заргарлик маҳалласида тўй пайти куёвнинг қариндошлари ва дўстлари ўртасида даҳанаки тортишув юз берган. Тўйдан сўнг куёвнинг бир неча дўстлари Учариқ маҳалласи ҳудудида сал илгари улар билан гап талашган куёвнинг қариндоши С. К.га тан жароҳати етказган.
Жанжал оқибатида жабрланувчи касалхонада биринчи тиббий ёрдам олган. Шифокорлар белгиланган тартиб асосида ҳолатни рўйхатга киритиб, воқеа ҳақида ички ишлар органларига хабар берган. ИИО тергов тезкор гуруҳи шифохонага етиб бориб, жабрланувчи билан мулоқот ўтказган ва гумонланувчиларни ИИБга келтириш чоралари кўрилган.
“Ички ишлар органлари ходимлари томонидан жабрланувчининг аризаси қабул қилинмаганига оид иддаолар ёлғон”, — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан Жиззах шаҳри Раваллиқ маҳалласида яшовчи С. У., Оққўрғонлик маҳалласида яшовчи Ж. М., Учариқ маҳалласида яшовчи Б. М., Ф. Э., У. К. Т. О ҳамда муқаддам судланган Т. К., Жиззах шаҳрининг Маданият маҳалласида яшовчи А. С.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277- моддаси 2- қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган.








