Ўзбекистон

“Қўлингиз ҳеч қачон дард кўрмасин”

Президент қурувчиларга табрик йўллади.

“Қўлингиз ҳеч қачон дард кўрмасин”


Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳаси ходимларига табрик йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.


“Ҳурматли қурувчи бунёдкорлар! Муҳтарам фахрийлар!


Аввало, сиз, азизларни мамлакатимизда кенг нишонланаётган қутлуғ касб байрамингиз – Қурилиш соҳаси ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга юксак ҳурмат-эҳтиром ва самимий тилакларимни билдираман.


Маълумки, мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини таъминлашда мазкур соҳа ходимлари – моҳир қурувчи ва меъморлар, механик ва мураккаб техникаларни бошқараётган инсонлар, лойиҳачи ва дизайнерлар, қурилиш саноати вакиллари ва пудратчиларнинг меҳнати ҳамиша муҳим ўрин тутиб келади.


Айниқса, ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида катта қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал олиб борилаётган, мамлакатимиз улкан қурилиш майдонига айланган ҳозирги кунда сизларнинг масъулиятли ва шарафли меҳнатингиз кўлами ҳамда аҳамияти тобора ортиб бормоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.


Сизларнинг тимсолингизда шаҳар ва қишлоқларимизда, бутун юртимизда янги-янги ишлаб чиқариш корхоналари, муҳим ижтимоий объектлар, замонавий уй-жойлар, йўл ва кўприклар барпо этиб, ҳаётимизни янада гўзал ва обод қилишга беқиёс ҳисса қўшиб келаётган олийжаноб касб эгаларини кўрамиз.


Ушбу қувончли айёмда сизларни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари сифатида эъзозлаб, шаънингизга энг юксак таъриф ва тилакларимизни изҳор этамиз, фидокорона меҳнатингиз учун чин дилдан ташаккурлар айтамиз.


Қадрли дўстлар!


Бугунги кунда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида барча ислоҳотларимиз марказига инсон қадри, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш бош мақсад қилиб қўйилаётгани сизларга яхши маълум, албатта.


Ана шундай улуғвор вазифани амалга оширишда бошқа соҳалар қатори қурилиш соҳаси, унинг улкан имкониятлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга.


Соҳада олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида аҳоли пунктларини қуришга комплекс ёндашув, уй-жой, турли бино ва иншоотлар билан бирга ижтимоий инфратузилма объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, таълим, тиббиёт ва маданият муассасалари, истироҳат боғлари ва хиёбонлар, фавворалар, болалар майдончалари ва спорт масканлари бунёд этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Бунинг амалий тасдиғи сифатида 2022 йилги Инвестиция дастури бўйича 1 минг 868 та ижтимоий объектда кенг кўламли қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини таъкидлаш ўринлидир.  


Бу ҳақда сўз юритганда, лойиҳалари жойлардаги аҳолимиз билан бамаслаҳат ишлаб чиқилган “Янги Ўзбекистон” массивлари ҳақида алоҳида тўхталиш лозим, деб ўйлайман. Ушбу номдаги жами 29 та массивда 21 минг 312 хонадонга мўлжалланган 619 та замонавий уй-жой, шунингдек, ўнлаб янги мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим мактаблари, тиббиёт муассасалари барпо этилаётганини мисол қилиб келтириш мумкин.


Бу борада кўп қаватли уйлар ҳамда муҳандислик-транспорт коммуникациялари, ижтимоий соҳа, ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари комплекс тарзда қурилаётгани, келгуси беш йилда 250 мингдан зиёд оила замонавий қулайликларга эга бўлган уй-жойлар билан таъминланиши албатта барчамизни хурсанд қилади.


Айниқса, аҳолини арзон ва сифатли турар-жой билан таъминлаш дастурлари доирасида намунали кўп қаватли уйлар атрофида маданият ва санъат марказлари, спорт иншоотлари, тиббиёт муассасалари ва бошқа масканлар барпо этилаётгани, “Обод қишлоқ” дастури бўйича 413 та маҳалланинг бош режаси ишлаб чиқилаётгани инсон ҳақидаги эътибор ва ғамхўрликнинг амалий намунасидир.


Ҳозирги вақтда мамлакатимизда қурилиш материаллари саноати ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Масалан, уй-жойлар учун қурилиш материалларининг 95 фоизи ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса янги турар жойларнинг сифатли ва мустаҳкам, таннархи арзон бўлишини таъминлайди, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.


Муҳтарам юртдошлар!

 

Бугун замоннинг ўзи қурилиш соҳасида ҳам янада муҳим ва долзарб вазифаларни олдимизга қўймоқда. Хусусан, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқларни туман марказлари билан боғлайдиган замонавий йўллар қуриш, намунавий лойиҳалар асосида янги боғча ва мактаблар, оилавий поликлиникалар барпо этиш, бозор инфратузилмаси объектлари ва сервис шохобчаларини кўпайтириш, аҳоли ва пудрат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектларини қурилиш материаллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш бўйича самарали тизим яратиш, қурилиш бозорини янги инновацион хизматлар билан тўлдириб бориш, соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида ҳали кўп иш қилишимиз керак.


Ишончим комил, ўз ишининг чинакам устаси бўлган моҳир қурувчилар ва мутахассислар, соҳада меҳнат қилаётган барча инсонлар ўзларининг бор куч-ғайрати, билим ва тажрибасини ана шундай улкан вазифаларни муваффақиятли адо этишга сафарбар этиб, бундан буён ҳам эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қиладилар.


Ўз навбатида давлатимиз сизларнинг янада самарали фаолият кўрсатишингиз, мамлакатимиз қурилиш соҳаси салоҳиятини ошириш учун келгусида ҳам зарур шароит ва имкониятларни яратиб беради.


Сиз, азизларни касб байрамингиз билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва хонадонларингизга қут-барака тилайман.


Қўлингиз ҳеч қачон дард кўрмасин, меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, азиз бунёдкорлар!” — дейилади давлат раҳбари табригида.

 

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Газ захиралари кўпайтирилади: геологик-қидирув ишлари 5 баробарга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев нефть ва газ тармоғидаги йирик лойиҳалар билан танишди.

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Тошкентда 100 та ҳожатхона ташкил этилади: лойиҳага 140,4 млн сўм ажратилиши мумкин

Санитария-гигиена шохобчалари соддалаштирилган тартибда давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилади.

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

75 млн сўмлик жиноят иши: «Сирожиддин медиа» раҳбари қамалди

У фирибгарлик ва товламачилик моддалари бўйича айбдор деб топилган.

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Нобел – 2026: 3 нафар оптогенетика асосчилари мукофотланди

Уларнинг тадқиқотлари ёрдамида ёруғлик орқали нерв ҳужайраларини аниқ фаоллаштириш ёки фаолсизлантириш имкониятига эришилди.

Ўзбекистонда Хитой университети филиали очилади

Ўзбекистонда Хитой университети филиали очилади

Таълим ўзбек, хитой ёки инглиз тилларида кундузги ва муқобил шаклларда олиб борилади.

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Шавкат Мирзиёев Осиё ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Миллий терма жамоа 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза медали билан Хитой, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин бешинчи ўринни эгаллаганди.

Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди

Ўзбекистонликлар учун Латвия визаси: чеклов таклиф қилинди

Бунга айрим ўзбекистонликларнинг мамлакат ҳудудида вояга етмаганларга қарши содир этган жиноятлари сабаб бўлган.

Багажсиз учган йўловчилар: 99 та багаж Истанбулда қолиб кетди

Багажсиз учган йўловчилар: 99 та багаж Истанбулда қолиб кетди

«Centrum Air» йўловчиларининг 100 га яқин багажи Истанбулда қолдириб кетилди.

“Қўлингиз ҳеч қачон дард кўрмасин” | Zamon.uz