Тошкентда Жигули дарахтга урилиб, иккига бўлиниб кетди
ЙҲХБ ҳодиса сабаби ва оқибатини маълум қилди.

Бугун, 14 август куни Тошкент шаҳрининг Сергели туманида Жигули дарахтга урилиши оқибатида иккига бўлиниб кетди. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати маълумот берди.
Ҳодиса соат 07:30 ларда Сергели туманининг “Янги Сергели” кўчасида содир бўлган. Мазкур туманда яшовчи 2002 йилда туғилган фуқаро П. И. ВАЗ-2106 русумли транспорт воситасида автомашиналар сотуви бозори томондан Жанубий темирйўл вокзали томонга ҳаракатланаётиб, “Турон” савдо мажмуаси биноси қаршисида руль бошқарувини йўқотган ва дарахтга бориб урилган.
ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳозирда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.








