Жиззахда “Тез ёрдам” машинасида уйга сув ташилди
Шундан сўнг ҳайдовчи вазифасидан озод қилинган.

Ижтимоий тармоқда бир гуруҳ одамлар ёнилғиси тугаб қолган Дамас русумли автотранспорт воситасини ҳаракатга келтиришга уринаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Тасвир ортидаги овоз эгаси томонидан бу машина Зомин тумани “Тез ёрдам” хизматига тегишли эканлиги айтилган. Ҳолат юзасидан ССВ Матбуот хизмати Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор ўрганишларга асосланиб, расмий маълумот берди.
Қайд этилишича, бугунги кунда туманда 16 та тез тиббий ёрдам машинаси бўлиб, барчасининг олд қисмига “Амбуланс” ёзуви туширилган.
Суриштирув ва ўрганишлар давомида видеотасвирдаги Дамас автомашинасининг Зомин тумани тез тиббий ёрдам хизматига алоқаси йўқлиги аниқланган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқалган яна бир видеолавҳада Дамас русумли тез тиббий ёрдам автомашинасига ичимлик суви тўлдирилган идишлар ортилаётгани акс этган.
Аниқланишича, ушбу тасвирдаги давлат рақами 25 106 LAA бўлган Дамас автомашинаси Жиззах вилояти Арнасой туманида жойлашган 2-сон оилавий поликлиникага бириктирилган тез тиббий ёрдам хизматига қарашли автотранспорт воситаси бўлиб, воқеа жорий йил 1 август куни, ҳайдовчи Ж. Ш. навбатчилигида содир бўлган.
Ҳайдовчи Ж. Ш. шу куни оилавий поликлиникадан унча узоқ бўлмаган яшаш хонадонига ўзига бириктирилган “Тез ёрдам” автомашинасида сув олиб борган.
Ҳайдовчи ичимлик сувини поликлиника олдидаги водопровод кранидан олаётган вақтда бинога ўрнатилган видеокамера тасвирига тушган.
Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганишлар якунида ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараган Ж. Ш. лавозимидан озод этилган.
.








