Магистратурада ўқиётган хотин-қизларнинг контрактини тўлаб бериш тартиби белгиланди
Бу бўйича талабгорлар 15 сентябргача мурожаат қилиши керак.

Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат олий таълим муассасалари магистратура босқичида таълим олаётган хотин-қизларни тўлов-контракт маблағларини тўлаб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қарорга мувофиқ, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг тўлов-контрактининг тўлиқ суммаси давлат бюджети ҳисобидан қопланиши назарда тутилмоқда.
Бунда давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичига ўқишга қабул қилинган ва ўқиётган хотин-қизларга базавий тўлов-контракт (стипендиясиз) суммалари миқдорида тўлиқ тўлаб берилади.
Талабгорлар 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини Давлат бюджетидан қоплаб бериш юзасидан ўзлари таълим оладиган олий таълим муассасасининг ректори (филиал директори) номига ўқув йилининг 15-сентябрига қадар ариза билан мурожаат этишлари керак.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб талабгорларга ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммасини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш тўғрисида жорий ўқув йилининг 15 октябрига қадар тегишли олий таълим муассасаси ректори (директор)нинг буйруғи қабул қилинади.
Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичи учун тўлов – контракт суммалари қоплаб бериш тўғрисидаги аризалар 15 сентябрдан кейин кўриб чиқилмайди ва тўлов – контракт суммалари қоплаб берилмайди.
Ушбу тартиб нодавлат олий таълим муассасалари ва хорижий олий талим муассасаларининг Ўзбекистондаги филиалларида магистратура босқичида таҳсил олаётган талаба хотин-қизларга нисбатан тадбиқ этилмайди.








