Тошкентдаги боғчада 3 ёшли боланинг юзи куйди
ИИББ ҳодиса сабабини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқда Тошкент шаҳридаги хусусий боғчаларнинг бирида боланинг юзи куйгани акс этган хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ ахборот хизмати расмий маълумот берди.
Ҳодиса 10 август куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги хусусий мактабгача таълим муассасасида содир бўлган. 2019 йилда туғилган тарбияланувчи М. А. қаровсиз қолган вақтида аёллар сумкасида бўлган кўзга суртувчи бўёқни ўйнаб, юз қисмига суртган.
Бу ҳолатни ушбу ташкилотда тарбиячи бўлиб ишловчи 38 ёшли Зухра А. кўриб қолиб, боланинг юзини тозалаш мақсадида “тиббий воситалар”дан суртган. Натижада вояга етмаган боланинг юз қисми қизариб, куйиш аломатлари мавжудлиги сабабли тиббиёт муассасасига мурожаат қилинган.
Боланинг олган тан жароҳатини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳозирда Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.








