Грузия туризмдан рекорд даражада фойда олишда давом этмоқда
Мамлакат бош вазири бу бўйича маълумот берди.

Грузияда туризмдан рекорд даражада даромад олинди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Ираклий Гарибашвили маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, июль ойида умумий миқдорда ушбу сектор мамлакатга 476 миллион доллар келтирган. Бу пандемиягача бўлган кўрсаткичдан 20 фоизга кўп.
Умуман олганда жорий йилнинг ўтган етти ойида туризмдан жами 1.6 миллиард доллар даромад олинган. 2019 йилда йиллик кўрсаткич 2.9 миллиард долларни ташкил қилганди.
“Бу жуда яхши кўрсаткич. У кўплаб янги иш ўринлари ва камбағаллик даражаси қисқаришини англатади”, - деган Гарибашвили.
Аввалроқ Туркия соғлиқни сақлаш туризми секторининг даромади 10 млрд доллардан ошгани тўғрисида хабар берилганди.







