Сирдарёда автобус газ баллони портлаб кетди
Ҳодиса оқибатида қурбон бўлганлар бор.

Бугун, 18 август куни Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида “Исузу” русумли автобусга ўрнатилган газ баллонида ёрилиш содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, соат 14:30 атрофида Оқолтин тумани ҳудудида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохбчасида Хоразм вилояти Боғот туманидаги автомактабга тегишли бўлган “Исузу” русумли автобус метан газ тўлдириб чиққан вақтда унга ўрнатилган газ балонларининг бирида ёрилиш содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 6 киши воқеа жойида вафот этган ва 15 киши тан жароҳати олган.
Ҳодиса жойига Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти бошчилигида ишчи гуруҳ етиб борган. Шунингдек, воқеа жойида вилоят ҳамда туман ФВБ, ИИВ, ССВ раҳбарияти, прокуратура ходимлари ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.








