Президент Шавкат Мирзиёев Умра зиёратида — фотогаларея
Давлат раҳбари Каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиди.

Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташрифи чоғида муқаддас Макка шаҳрида ҳам бўлиб, умра амалларини бажарди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.



Ўзбекистон Президенти Ислом дини арконларига мувофиқ эҳромга кириб, намоз ўқиган, талбия айтиб, Масжидул Ҳарамга борган.


«Маълумки, Каъбатуллоҳнинг ичига кириш мусулмонлар орзу қиладиган улуғ шарафдир. Президентимиз ана шундай шарафга муяссар бўлиб, Каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиди. Сўнг, Байтуллоҳ атрофида етти бор тавоф, Сафо ва Марва тепаликлари орасида еттита саъй қилинди», — дейилади хабарда.


Ўзбекистон делегацияси аъзолари, уламо ва зиёлилар билан биргаликда юртимизга тинчлик ва тараққиёт, халқимизга саломатлик ва фаровонлик тилаб дуолар ўқилган.
Ўзбекистон Президентининг Саудия Арабистонига давлат ташрифи якунлаб, 19 августга ўтар кечаси Жиддадан Тошкентга жўнаб кетди.







Шавкат Мирзиёев 17 август куни валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан музокара ўтказди. Унинг натижалари бўйича Ўзбекистон билан Саудия ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот, шунингдек, энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари соҳаларида 15 та ҳужжат қабул қилинган.
18 август куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Ислом тараққиёт банки раҳбарлари, саудиялик ишбилармонлар билан учрашувлар ўтказилган.







