Тошкентда 41 ёшли фуқаро дўконга ўт қўйди
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 18 август куни фуқаро дўконлардан бирини ёқиб юборди. Ҳолат бўйича шаҳар ИИББ ахборот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 02.00 ларда Яшнобод тумани Тузел-2 даҳасида жойлашган дўкон ва гўзаллик салонида ёнғин юз берган. Ўтказилган текширув жараёнида ёнғин 1981 йилда туғилган Н. Ж. томонидан содир этилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 173-моддаси (“Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш”) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.








