Чирчиқ дарёсига ифлосланган оқова сувлари ташланаётгани аниқланди
Ҳолатга Экология қўмитаси муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқда Тошкент вилоятидаги Чирчиқ дарёсига рангли оқовалар ташланаётгани ҳақида мурожаат эълон қилинди. Ҳолат юзасидан давлат экология қўмитаси Матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, дарёнинг Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани “Чингелди” МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмига рангли эритмалар билан ифлосланган оқовалар ташланаётганлиги аниқланган.
Ушбу оқоваларнинг ҳосил бўлиш манбаи Тошкент вилояти “Байтқўрғон” МФЙ ҳудудида жойлашган “Чирчиқ оқова тозалаш иншооти” эканлиги маълум бўлган. Ҳолат бўйича лаборатория таҳлилларини ўтказиш мақсадида Давлат экология қўмитасининг Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган аналитик назорат марказининг мутахассислари жалб этилган. Сув таҳлиллари учун Чирчиқ оқова тозалаш иншоотининг Чирчиқ дарёсига чиқарувчи оқова сувлари ташлама нуқтасидан, оқоваларни дарёга қўшилиш ва 500 м қуйи нуқталаридан сув намуналари олиниб, таҳлиллар ўтказилмоқда.
Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан Чирчиқ оқова тозалаш иншоотининг ҳолати, технологик жараёнлари ўрганилганда тозалаш самарадорлиги 40-50 фоиздан ҳам пасайиб кетганлиги тасдиқланган.
Бундан ташқари, Ишчи гуруҳ томонидан Чирчиқ оқова тозалаш иншоотига меъёрдан ортиқча ифлосланган турли рангли эритмалар тутган оқова ташлайдиган 10 та йирик корхоналар, шу жумладан, 6 та таркибида бўёқ цехлари бўлган тўқимачилик корхоналар рўйхати шакллантирилган.








