Евроиттифоқ яқин орада санкциялар туфайли катта қийинчиликларга дуч келади
“Санкциялар нафақат Россияга, балки Европага ҳам оғир зарба”, деди Жосеп Боррел.

Европа Иттифоқи қисқа муддатда Украинадаги вазият туфайли Россияга қарши санкциялар билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келади. Бу ҳақда Европа дипломатияси раҳбари Жосеп Боррел маълум қилди.
“Биз Россиянинг иқтисодий имкониятларини чеклаяпмиз. Россия иқтисодиёти нефт ва газга боғлиқ экан, улар бизнинг технологиямизга муҳтож бўлади. Россия қийин аҳволда. Ва, албатта, биз ҳам қисқа муддатда жиддий муаммоларга дуч келамиз. Газ нархи ошиб бораётганини инкор этиб бўлмайди. Лекин биз эркинлик учун тўлашга тайёр бўлишимиз керак”, — деди Боррел.
Россиянинг Украинада махсус операцияси бошланганидан сўнг, Ғарб давлатлари Россия Федерациясига, хусусан, Россия энергия манбаларига қарши санкциялар жорий қила бошладилар. Россия президенти Владимир Путин Россияни заифлаштириш сиёсати Ғарбнинг узоқ муддатли стратегияси эканлигини, санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берганини айтган.








