Самарқанд шаҳридаги мактабларда ўқиш 5 сентябрдан бошланмайди
Бу ҳақда вилоят ХТБ маълумот берди.

Аввалроқ жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарларининг олий даражадаги навбатдаги Саммити, шунингдек, қатор хорижий мамлакат раҳбарларининг расмий ташрифлари бўлиб ўтиши хабар қилинганди.
Мазкур жараёнлар ва тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларга яқин жойларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, аҳолига қулай шароитларни яратиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув жараёнлари жорий йилнинг 19 сентябрь санасидан бошланади.
“Самарқанд шаҳридаги мактаб ўқувчиларининг қолдирилган дарс соатлари ўқув йили давомида таътиллар ҳисобидан тўлдирилади”, — дейилади вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабарида.








