Тошкентда автомашинасини қарама-қарши йўналишда бошқарган ҳайдовчига чора кўрилди
Унга 3 та модда билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ижтимоий тармоқда Ласетти русумли транспорт воситаси йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб ҳаракатланганлиги акс этган видео тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ ЙҲХБ расмий маълумот эълон қилди.
Аниқланишича, 24 август куни соат 22:20 атрофида 1986 йилда туғилган Ж. М. Ласетти русумли транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз, ҳайдовчилик гувохномасига эга бўлмаган ҳолда бошқариб, Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳ кўчасида йўлнинг қарама-қарши томонида ҳаракатланган.
Ҳуқуқбузарлик содир этган Ж. М.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 прим 5-моддаси 2-қисми, 135-модда, 194-модда билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судига тақдим этилган.








