Тошкентнинг бир қатор кўчаларида “свет” ўчиб қолди
Бунга “Ҳосилот” подстанциясидаги носозлик сабаб бўлган.

Бугун, 30 август куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги подстансияда носозлик юзага келди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Яшнобод туманидаги “Ҳосилот” подстансиясида (ушбу подстансия Миробод туманининг айрим ҳудудларини электр энергияси билан таъминлайди) носозлик кузатилган.
Бунинг оқибатида Миробод туманининг “Фитрат”, “Янги замон”, “Иноқобод”, “Файзабод”, “Эски отчопар” ва “Оқбилол” кўчаларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилган.
Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев носозлик бартараф этилаётган жойга етиб борди. Ҳозирда аварияга қарши махсус бригада томонидан ушбу носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
“Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз. Таъмирлаш ишлари қисқа вақт ичида якунланади ва электр энергияси таъминоти тикланади”, — дейилади хабарда.








