Тошкентда технопарк ичидаги цех ёниб кетди
Ҳодиса жойига 11 та қутқарув экипажи юборилган.

Бугун, 1 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидаги ишлаб чиқариш цехида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, соат 16:26 да Қўшбеги даҳасида жойлашган Яккасарой технопарки ҳудудидаги ишлаб чиқариш цехининг том ва ички қисмида тахминан 1000 квадрат метр майдонида ёнғин чиққан. Шунга кўра, ёнғин-қутқарув экипажлари соат 16:31 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 17:29 да қуршаб олинган ва соат 18:07 да бартараф этилган.
Воқеа жойига Ўзбекистон Республикаси ФВВ раҳбарияти, Тошкент шаҳар ФВБ ва туман ФВБ раҳбар ходимлари етиб борган. Ёнғинни бартараф этишга 11 та ёнғин-қутқарув экипажи, 2 та махсус сув ташишга мўлжалланган (водовоз) автомобиль, 1 та қутқарув отряди жалб этилган.
Ҳодиса оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари тўғрисида хабар келиб тушмаган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.








