Шавкат Мирзиёев Биринчи Президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйди
Давлат раҳбари устозларни қадрлаш ва ҳамиша ёдга олиш кераклигини, бу ёш авлодга ўрнак бўлишини таъкидлади.

Бугун, 2 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
«Ислом Каримов бундан ўттиз бир йил олдин мамлакатимизнинг миллий мустақиллигини дунёга эълон қилган эди. Бу давлатчилигимизни ва инсоний ҳақ-ҳуқуқларимизни тиклаб, барча ютуқ ва марраларимизнинг замини бўлди. Шу боис, Биринчи Президентимизга ҳурмат ўз тарихимизга ҳурмат ифодасидир», — дейилади хабарда.
Хотира тадбирида Ислом Каримовнинг халқ манфаати йўлидаги хизматлари ёдга олинди. Қуръон тиловат қилинди.
Давлат раҳбари устозларни қадрлаш ва ҳамиша ёдга олиш кераклигини, бу ёш авлодга ўрнак бўлишини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, пойтахт жамоатчилиги вакиллари ҳам Биринчи Президент ҳайкалига гуллар қўйди.
Шундай тадбирлар Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам ўтказилди.








