Сирдарёда пахта терими бошланди
Ҳосил пахта терувчи машиналарда йиғилмоқда.

Бугун, 2 сентябрь куни Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида “Пахта—2022” йиғим-терим мавсумига старт берилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, “Сардоба универсал кластер” пахта тўқимачилик кластерининг майдонларида вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев замонавий терим машинасини бошқариб, пахта теримини бошлаб берди.
Кластер раҳбарининг айтишича, кейинги пайтларда пахта ҳосилини йиғиштириб олишда механизациялашни жорий этиш анчайин жадаллашгани ҳам меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, бу йил кластер ер майдонларида етиштирилган пахта ҳосили тўлалигича терим машиналари ёрдамида йиғиб олиш мақсад қилинган.








