Бундан буён сўров қаттиқ бўлади—Президент
Шавкат Мирзиёев аграр соҳада эскича ишлаётган раҳбарлар фаолиятини танқид қилди.

Бугун, 5 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш ва захирасини яратиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Йиғилишда давлат раҳбари аграр соҳадаги ислоҳотларни жадал амалга ошириш биринчи навбатда ушбу соҳа раҳбарларининг фидойилигига боғлиқлинини айтиб ўтди.
“Бандликни кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш ҳам биринчи галда қишлоқ хўжалигидаги ўсишга боғлиқлигини улар тушуниши керак", деди Президент.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Хаитов ҳали эскича ишлаётгани, баландпарвоз рақамларга берилиб кетгани танқид қилинди.
Соҳа раҳбарларининг вазифаси Президентга катта-катта рақамлар билан ҳисобот бериш эмас, қишлоқдаги деҳқон, фермер масаласини ҳал қилиш, оғирини енгил қилиш экани кўрсатиб ўтилди.
Муҳим ишлар четда қолиб, қўшиб ёзишлар, номаъқул ишлар кўпайиб бораётгани қатъий танқид остига олинди.
Йўл қўйган камчиликлари учун қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ш.Тешаев лавозимидан озод этилгани, вазир ўринбосари Ш.Мирзаевга ҳайфсан берилгани айтилди.
“Бундан буён Ғаниевдан ҳам, Хаитовдан ҳам, янги вазир Воитовдан ҳам жуда қаттиқ сўров бўлади”, — деди Президент сўзининг якунида.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитилди.








