Фарғонада илк бор тўхтаб турган юракда операция ўтказилди
Жарроҳлик амалиёти 37 ёшли беморда амалга оширилган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Фарғона филиалида 37 ёшли беморнинг юрагида аорта клапанини протезлаш амалиёти ўтказилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, юрак клапанлари яхши ишламаслиги нафас қисиши, чарчоқ, кўкрак қафасида кучли оғриқ ва юрак етишмовчилиги каби белгилар билан намоён бўлади.
Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида яшовчи бемор худди шундай аломатлар билан шифохонага мурожаат қилган. Чуқур текширувлардан сўнг унда аниқланган асоратларни юқори технологик операсия ёрдамида бартараф этиш тавсия этилган.
Натижада Фарғонада илк бор аорта клапанини протезлаш амалиёти ўтказилди. Маҳаллий шароитда бажарилган ушбу операсияда мамлакатда саноқли бўлган “Штоккерт” сунъий қон айлантириш аппаратидан фойдаланилган. Мазкур технология амалиёт чоғида бемор юраги тўхтатилгач, сунъий юрак вазифасини бажарган.
Ҳозир беморнинг аҳволи яхши. Тегишли тиббий муолажалар даво эттирилмоқда.








