Тошкентдаги ресторанлардан бирида ёнғин чиқди
Ҳодиса жойига 4 та ёнғин-қутқарув экипажи юборилган.

Бугун, 7 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги ресторанда ёнғин чиқди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, соат 17:31 да Миробод тумани Шаҳрисабз кўчасида жойлашган “Brasserie” ресторанида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида шаҳар ФВБга хабар келиб тушган. Шунга кўра, 4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 17:40 да воқеа жойига етиб борган ва ёнғин соат 17:51 да бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. Ресторан ошхонасининг тахминан 50 квадрат метр майдонда томи ва шифт қисми ёниб зарарланган. Ёнғиндан бинонинг 200 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.








