Тошкентда бир ҳафтада 10 минг ўринли ётоқ жой яратилади
Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўш турган тадбиркорлар биносини талабалар тураржойига айлантириш бўйича таклиф берди.

Бугун, 9 сентябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев, сектор раҳбарлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда пойтахтдаги олий таълим муассасалари ректорлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда талабаларни тураржой билан таъминлаш, улар учун ётоқ ўринларини яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.
Қайд этилишича, айни пайтда Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларининг 92 тасида ётоқхона қуввати 35636 ўринни ташкил этади. Бугунги кунда 27354 нафар талабанинг ётоқ жой бўйича эҳтиёжи қондирилган.
Йиғилишда вазирлик масъуллари томонидан кўрилаётган бу каби чоралар етарли эмаслиги, бошқа имкониятларни ҳам излаб топиш кераклиги таъкидланиб, қатор таклифлар ўртага ташланган.
Шундан сўнг Ж. Ортиқхўжаев пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида бунёд этилган "Ташкент индекс" савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли тадбиркорлар биносини бир ҳафта муддатда давлат хусусий шериклик шартлари асосида талабалар учун тураржойга айлантириш таклифини берган. Мазкур таклиф йиғилиш иштирокчилари томонидан муносиб қарши олинган.
Йиғилиш сўнгида олий таълим муассасалари масъулларига зудлик билан мавжуд эҳтиёж бўйича маълумотларни шакллантириш вазифаси берилган.








