Тошкент шаҳар Экология бошқармаси бошлиғи ҳибсга олинди
У мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда.

Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов ҳибсга олинди, дея хабар бермоқда “Gazeta.uz” сайти.
Қайд этилишича, бўлим бошлиғи 9 сентябрь куни Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, давлат ёки жамиятга жуда кўп миқдорда зарар етказиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда.
“Фарҳод Деҳқонов асосий вазифаси экология ва атрофни муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчилик талаблари ижроси устидан назоратни амалга ошириш керак бўлган ҳолда, ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, гўёки дарахтларни кўчиришга рухсат берганлиги важи билан уларнинг нобуд қилинишига шароит яратиб берган”, — дейилади хабарда.








