Тошкентдаги хонадонда ёнғин чиқди
ФВБ ҳодиса оқибатларини маълум қилди.

Бугун, 9 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги хонадонлардан бирида ёнғин чиқди. Ҳолат юзасидан шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Матбуот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, соат 16:51 ларда Учтепа тумани “Ўрикзор” МФЙда жойлашган хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Шунга кўра, воқеа жойига 4 та ёнғин-қутқарув техникалари соат 17:01 да етиб борган ва соат 17:25 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.
Ҳодиса оқибатида куйган ёки тан жароҳати олган фуқаролар йўқ. Уйнинг 120 квадрат метр майдонда ички ва том қисми ёниб зарарланган. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида бинонинг 300 квадрат метр майдони сақлаб қолинган.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.








