Тошкент вилоятида аёлнинг фотоларини тарқатмаслик учун пул талаб қилган эркак ушланди
У аёлдан 10 минг АҚШ доллари сўраган.

Тошлент вилоятида аёлнинг фото ва видеоларини ижтимоий тармоқда тарқатиб, шарманда қилмаслик эвазига ундан 10 минг АҚШ доллари талаб қилган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, 15 августдан бошлаб номаълум фуқаро Паркент туманида яшовчи M.X.гa телеграм ижтимоий тармоғи орқали хабар ёзиб, агар 10 минг АҚШ доллари бермаса, уни гиёҳванд модда сотувчи аёл сифатида тасвирлаб, фото ва видеолар тарқатиши, қаматиш ва оиласини бузиб шарманда қилиш билан таҳдид қилиб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув давомида номаълум фуқаронинг шахси аниқланган ва тезкор тадбирда у аёлдан талаб қилинган 10 000 АҚШ долларини олган вақтида қўлга тушган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








