БМТ: “Ғалла келишуви"га қарамай, айрим давлатларда маҳсулотлар нархи ўзгармаган
Бунга сабаб бўлаётган омиллар очиқланди.

“Ғалла келишуви”га қарамай, дунёда озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи нархи пасаймади. Бу ҳақда БМТ бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича минтақавий директори Корин Флейшер маълум қилди.
“Украина портлари очилишига сабаб бўлган “ғалла келишуви” бутун дунё учун энг яхши хабар бўлганди. Жаҳон бозорида нархлар пасайди, аммо, афсуски, миллий валюталарнинг кучсизланиши ортидан қатор давлатларда озиқ-овқат нархлари деярли пасаймади, чунки етказиб берувчиларнинг маҳсулот импорт қилиши учун доллар зарур”, – деган у Токиода бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Флейшернинг сўзларига кўра, портларнинг қамалга олиниши энг кўп Шимолий Африка ва Яқин Шарққа таъсир ўтказди, чунки ушбу минтақалар Қора денгизга туташ ва ғалла импортига қарам ҳисобланади. Бу ҳудуддаги ҳукуматлар аҳолини қўллаб-қувватлаш дастурини кенгайтира олмаяпти. Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури ҳам бутун дунёдаги қашшоқларга тарқатиладиган таомлар рационини қисқартиришга мажбур бўлган.
Бош директор Украинадан маҳсулот экспорти кўпайишига, минерал ўғитларни етказиб бериш ва нархлар барқарорлашувига умид билдирган.
Маълумот ўрнида: 22 июль куни Россия, Украина, Туркия ва БМТ ғалла экспортини тиклаш бўйича тўрт томонлама келишувга эришди. Истанбулда унинг амалга оширилиши юзасидан координацион марказ тузилган.
Аввалроқ Эрдоған Путин билан озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти масаласида гаплашиб олишини айтганди.







