Чехия президенти: НАТО Афғонистондаги тарафдорларига хиёнат қилди
Ўтган йили альянс кучлари мамлакатни тўлиқ тарк этганди.

НАТОнинг Афғонистонни тарк этиши фожиали хато бўлди. Бу ҳақда Чехия президенти Милош Земан маълум қилди.
У АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг ушбу масала юзасидан фикрларига қўшилмаслигини айтган. Остин афғон халқининг хоҳиш-иродаси туфайли НАТО кучлари олиб чиқилганини қайд этганди.
Аммо Земан афғонлар толиблар ғалаба қозонишини истаганига ишонмаслигини таъкидлаган. Унинг фикрича, альянс Афғонистонни тарк этиб ўзининг минглаб тарафдорларига хиёнат қилди.
Маълумот ўрнида: АҚШ бошчилигидаги Ғарб қўшинлари коалицияси 2021 йил 31 август куни Афғонистонни тўлиқ тарк этди. Шу тариқа уларнинг мамлакатдаги 20 йиллик иштироки тугалланди. Ўтган йилнинг августида “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ўз ҳокимиятини қайта ўрнатди.
Аввалроқ БМТ толиблар даврида иқтисодий вазият ёмонлашганини маълум қилганди.







