Тошкентда Cobalt автоҳалокатга учради
ЙҲХБ ҳодиса сабаби ва оқибатини маълум қилди.

Бугун, 12 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати маълумот берди.
Автоҳалокат соат 09:00 ларда Яшнобод тумани Оҳангарон кўчасида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, 1978 йилда туғилган ҳайдовчи М.Р. Кобальт русумли автомашинада ҳаракатланиб, соғлиги ёмонлашгани боис руль бошқарувини йўқотган. Шундан сўнг транспорт воситаси қарама-қарши йўлларни ажратиб турувчи майдончадаги дарахт билан тўқнашган.
Кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай, автомашина ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.








