Деновда Тошкентга олиб кетилаётган сифатсиз гўшт аниқланди
Ҳолат юзасидан ҳайдовчига чора кўрилган.

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида автомашинада олиб кетилаётган сифатсиз гўшт маҳсулотлари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Бойсун туманидаги “Дарбанд” ЙПХ масканида ўтказилган рейд тадбирлари давомида “Денов–Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб келаётган Денов туманида яшовчи фуқаро A.Ш бошқарувидаги Кобальт русумли автомашина тўхтатилиб, унинг юкхонаси текширилган. Аниқланишича, ҳайдовчи жами 182 кг йирик шохли мол гўштини ҳеч қандай ветеринария ҳужжатларисиз Тошкент шаҳрига сотиш учун олиб кетаётган бўлган.
Гўшт маҳсулотлари лабoратория текширувидан ўтказилганида унинг истеъмолга яроқсизлиги маълум бўлган ва Термиз ҳайвонот боғига топширилган. Фуқаро A.Ш.гa нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 109-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.








