Андижонда мактаб директорларидан 150 мингдан йиғилмоқда
Ҳолатга ХТБ муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳар халқ таълими бўлими томонидан сертификат учун 150 минг сўмдан пул йиғилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан шаҳар ХТБ расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, вилоят ХТБнинг 2022 йил 24 январдаги қарорида умумтаълим мактабларининг директор ва ўринбосарлари малакасини ошириш учун ““Andijan Digital City” технологик парки ва Рақамли технологиялар ўқув марказларида имтиёзли ва шартнома асосида ўқув курслари ташкил этилиши белгиланган.
Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган аудиоёзув Андижон шаҳар халқ таълими бўлими мудирига тегишли эканлиги, аудиоёзувда у томонидан ўқув курсларида таҳсил олаёган мактаб раҳбарларига ўқув курсларини якунлаганлиги тўғрисидаги сертификатларни олишлари ва курслар учун белгиланган маблағларни тўлашлари зарур эканлиги таъкидланган.
Мазкур ўқув-курслари пуллик эканлиги ва белгиланган маблағ мактаб раҳбарлари учун 3 баравар арзонлаштирилган эканлигидан мактаб директорлари хабардор бўлган.
“Андижон шаҳар халқ таълими бўлими Халқ таълими тизимини янада ривожлантириш, мактаб директорларини имижи ва салоҳиятларини ошириш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар асосида бажарилаётган амалий ишларни нотўғри талқин этмасликни сўраб қолади”, — дейилади хабарда.








