Қаршида 50 нафарга яқин бола овқатдан заҳарлангани айтилмоқда
Ҳолат бўйича вазирлик маълумот берди.

Ижтимоий тармоқда Қарши шаҳридаги боғчада 50 нафарга яқин бола овқатдан заҳарлангани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ҳолатга Мактабгача таълим вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, кеча, 17 сентябрь куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг 7-бўлимига Қарши шаҳар “Қўрғонча” МФЙда яшовчи, 32-давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Х.Ш. ўткир диария ташхиси билан ётқизилган.
Эпидемиологик суриштирув давомида беморда ич кетиши, кўнгил айниши, ҳолсизлик ва иситма кўтарилиши кузатилган. Айни пайтда унинг аҳволи яхши, даво муолажалари олиб борилмоқда.
СЭО ва ЖСХ Қарши шаҳар бўлимига мазкур ташкилотда тарбияланаётган бошқа болалар ўртасида овқатдан заҳарланиш ҳолати бўйича тезкор хабарнома келиб тушмаган.








