Жапаров: Муаммони тинч йўл билан ҳал этиш тарафдоримиз
Қирғизистон раҳбари Тожикистон билан чегарадаги вазият ортидан халққа мурожаат қилди.

Қирғизистон Тожикистон билан чегара масаласини тинч йўл билан ҳал қилмоқчи. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров халққа мурожаати пайтида маълум қилди.
“Давлат чегаралари билан боғлиқ баҳсли масалалар аста-секин ҳал этилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси билан чегара участкалари бўйича келишувга эришилган ва уларни расман ҳужжатлаштириш қолган. Фақатгина Тожикистон билан чегарадош ҳудудлар аниқлаштирилмаган ва муаммо келтириб чиқармоқда. Биз қирғиз-тожик чегарасидаги баҳсли масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдоримиз”, – деган у.
Президент муаммонинг ҳал этилмаслиги фожиали оқибатларни келтириб чиқаришини айтган. Бундан ташқари, Жапаров Тожикистон билан тўқнашувда азият чекканларга ёрдам кўрсатиш ҳамда давлат ҳимояси учун барча воситалар мавжуд эканини таъкидлаган.
Аввалроқ қирғиз ва тожик чегарасида ҳалок бўлганлар сони маълум бўлганди.







