Намангандаги автоҳалокатда 5-синф ўқувчиси вафот этди
Уни Ласетти ҳайдовчиcи уриб юборган.

Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида 14 сентябрь куни одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар қилди.
Автоҳалокат соат 10:40 ларда Мингбулоқ тумани Чордона маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Балиқчи–Мингбулоқ–Найман–Пунгон йўлида юз берган. Ушбу маҳаллада яшовчи А.Н. Ласетти русумли автомашинасида юқори тезликда келиб, йўлнинг белгиланмаган қисмидан югуриб ўтаётган 2011 йилда туғилган вояга етмаган қизни уриб юборган.
Оқибатда қизча оғир тан жароҳатлари билан туман марказий шифохонасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.








