ФАО Бош котиби Ўзбекистон замонавий тараққиётини юқори баҳолади
Мамлакат Марказий Осиё тарихида илк бор ФАОнинг Европа учун 32-минтақавий конференциясига муваффақиятли раислик қилди.

Кеча, 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бош директори Тсуй Дунюём билан учрашуви бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражада жадаллашмоқда. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида ФАОнинг Ўзбекистондаги портфели умумий қиймати 65 миллион долларга 59 та миллий, минтақавий ва глобал лойиҳани ташкил этмоқда. Мамлакатимиз Марказий Осиё тарихида илк маротаба ФАОнинг Европа учун 32-минтақавий конференциясига муваффақиятли раислик қилди. 2020-2030 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз ва ФАО ўртасида имзоланган Доиравий дастурни тўла-тўкис амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Тсуй Дунюём Самарқанд шаҳридаги ШҲТ саммити чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йили Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. ФАО Бош котиби мамлакатимизнинг замонавий тараққиётини юқори баҳолади.







