Ядро қуроли яратиш ниятимиз йўқ—Раисий
Эрон президенти АҚШни ядро келишувини бузишда айблади.

Теҳрон ядро қуроли яратишга ҳаракат қилмаяпти. Бу ҳақда Эрон президенти Иброҳим Раисий БМТ Бош ассамблеясидаги чиқишида маълум қилди.
“Эрон Ислом Республикаси ядро қуроли яратиш ёки унга эгалик қилишга ҳаракат қилмайди ҳамда бу турдаги қуролга бизнинг доктринамизда ўрин йўқ”, – деган у.
Президент Эроннинг ядро дастури бўйича келишувни тиклашга жиддий эътибор беришини, аммо Вашингтоннинг бу бўйича позициясига шубҳа билан қарашини айтган. Раисий Теҳрон келишув доирасидаги мажбуриятларига амал қилиш ниятида эканини, аммо айнан АҚШ шартномадан чиқиб кетганини қайд этган.
“Америка ядро келишувини оёқости қилди”, – деб қўшимча қилган Эрон раҳбари.
Маълумот ўрнида: 2015 йилда Эрон ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Россия ҳамда Хитой ўртасида “Ҳамкорликдаги умумий ҳаракатлар режаси” имзоланган. Унга кўра, Теҳрон ядро қуроли ишлаб чиқишдан воз кечиши, Ғарб эса иқтисодий санкцияларни бекор қилиши лозим эди. Аммо 2018 йилда АҚШ бу келишувдан чиқиб кетди.
Жозеф Байден АҚШ президентига айлангач, келишувни қайтиб тиклаш ташаббуси билан чиқди. 2021 йилдан бошлаб Венада саккиз раундли музокаралар ўтказилди. 11 март куни томонлар ташқи факторлар туфайли танаффус олди. Унга асосий сабаб қилиб Россиянинг Украинадаги ҳарбий операцияси кўрсатилмоқда. Бунга қадар музокаралар финал босқичига чиққан ва февраль охирида якунланиши керак эди. Сўнгги ойларда Европа воситачилигида ядро келишуви бўйича музокаралар фаоллашди.
Аввалроқ АҚШ Эронга ядро келишуви бўйича таклифларини юборганди.








