Туристларнинг 80 фоизи Бўстонлиқ туманига боради — Президент
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессиясида туризм соҳасининг ҳолати ҳам таҳлил қилинди.

Туризм соҳасининг ҳолати таҳлил қилинар экан, туристларнинг 80 фоизи Бўстонлиқ туманига бориши, бошқа туманларда инфратузилма ва хизматлар паст даражада эканлиги, ички ва хорижий туристлар сони 1,5 миллион нафарга ҳам етмаслиги таъкидланди.
Президент туризм хизматларини кўрсатишда асосий юк Бўстонлиқ туманига тушаётгани, шу билан бирга Бўстонлиқда бошланган лойиҳалар натижаси ҳали кўринмагани, лойиҳалар ўз ҳолига ташлаб қўйилганини таъкидлади.
Паркент, Ангрен ва Оҳангарон тоғли ҳудудларида замонавий туризм кластерларини ташкил этиш ишларини бошлаш вақти келди, деди давлатимиз раҳбари.
Вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимига бир ой муддатда ўз ҳудудида туризмни қандай ривожлантириши бўйича аниқ иш режасини ишлаб чиқиб, ишларни бошлаш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Хорижий экспертни жалб қилиб, вилоят туризмини ривожлантириш “мастер-режа”сини ишлаб чиқиш топширилди.
Номзод ўз тақдимотида аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталди. Бир кишига уй-жой билан таъминлаш даражаси республика даражасидан пастлигича қолаётгани қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга:
- келгуси йилга эҳтиёжманд аҳоли уй-жой ипотекаси учун 100 миллиард сўм субсидия ажратиш;
- Зангиота туманида “Янги Ўзбекистон” массивини қуриш бўйича таклиф киритиш;
- Олмалиқ, Чирчиқ, Ангрен, Бекобод, Оҳангарон, Нурафшон ва Янгийўл шаҳарларида 19 та авария ҳолатидаги кўп қаватли уйларда яшовчиларни замонавий уй-жой билан таъминлаш чорасини кўриш топширилди.
Президент вилоятдаги ҳар бир фуқарога бир марта янги қурилган хонадонни имтиёзли ипотекага олиш имкониятини бериш кераклигини таъкидлади. Шу муносабат билан келгуси йилдан “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастурини Тошкент вилоятидан бошлаш таклиф қилинди.
Тақдимотдан сўнг вилоят кенгаши депутатлари номзоднинг таклиф ва режаларини муҳокама қилди, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Сўнг Тошкент вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Зойир Мирзаев Тошкент вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.







