Ўзбекистон карате федерациясига янги раҳбар сайланди
Шунингдек, федерация раҳбарияти ва Ижроия қўмитасининг таркиби қайтадан шакллантирилган.

Бугун, 23 сентябрь куни Спортни ривожлантириш вазирлигида Ўзбекистон карате WKF федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик матбуёт хизмати хабар бермоқда.
Конференцияда федерацияга янги раис сайлаш, унинг раҳбарияти ва Ижроия қўмитаси таркибини қайтадан шакллантириб олиш каби масалалар кўриб чиқилган.
Асосий қисмда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари котибияти масъул ходими Рашид Азатович Талипов номзоди федерация раиси лавозимига таклиф этилган ва иштирокчилар томонидан бир овоздан маъқулланган.
Шу пайтгача федерация раҳбари сифатида фаолият олиб борган Алам Муллаев, шунингдек, Бахтиёр Нигматуллаев, Анвар Муҳамедов, Сапармурод Джиемуротов, Илҳом Мамадалиев, Бурхон Раҳмонов ҳамда Дилноза Бакирова раис ўринбосари, бунгача федерация Ижрочи директори лавозимида ишлаган Фарруҳ Ташкентбаев федерация Бош котиби этиб сайланган. Шунингдек, тадбир давомида Ижроия қўмитаси аъзолари ҳам шакллантирилиб, ташкилотнинг янги таҳрирдаги низоми тасдиқланган.








