Ўзбекистонга салқин ҳаво кириб келмоқда
Республикада ҳарорат 20-25 даражагача пасайиши мумкин.

Жорий йилнинг 25-27 сентябрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Вольга бўйи ҳудудларидан салқин ва бироз нам ҳаво кириб келади. Бу бўйича “Ўзгидромет” тезкор ахборот эълон қилди.
25 сентябрда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, 26-27 сентябрь кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол 15-20 метр/секундгача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда.
25-26 сентябрда Қорақалпоғистон Республикасида, 27 сентябрда Сурхондарё вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда шамолнинг кучайиши 21-23 метр/секундга етиши мумкин.
25 сентябрда Қорақалпоғистон Республикасида, Хоразм вилоятида, 26 сентябрда Қорақалпоғистон Республикасида, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида, 27 сентябрда республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Баланд тоғларда (2500 метрдан юқорида) ёмғир қорга айланиши мумкин.
26 сентябрда шимолда, 27 сентябрда республиканинг барча ҳудудларида ҳаво ҳарорати кечалари 10-13 даражагача, кундуз кунлари 22-25 даражагача пасаяди.








