Раисий: ШҲТ бизга, биз эса ШҲТга имкониятлар эшигимиз
Эрон Шарқ ва Ғарб ўртасидаги боғловчи кўприкка айланмоқчи.

ШҲТ Эрон учун имкониятлар эшигига айланади. Бу ҳақда Иброҳим Раисий маълум қилди.
“ШҲТ — Эрон учун имкониятлар эшиги бўлади. Эрон эса ўз навбатида ташкилот учун имкониятлар дарвозаси бўлади”, – деган президент.
Унинг қўшимча қилишича, ШҲТ Осиёнинг турли иқтисодий ва молиявий ташкилотларини бирлаштириши мумкин. Раисий Россия ва Хитой билан ўзаро савдо айланмасига эътибор қаратиб, ташкилотга аъзолик Эронга катта фойда келтиришини айтган.
Бундан ташқари, президент ШҲТга қабул қилинганлиги учун миннатдорчилик билдирган ва буни иқтисодий тараққиёт учун яхши имконият эканини қайд этган. Раисий Эроннинг географик жойлашуви уни Ғарб ва Шарқ ўртасидаги боғловчи кўприкка айланишида муҳим эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, ШҲТнинг Самарқанд саммити доирасида Эроннинг ШҲТга аъзолиги бўйича мажбуриятлар меморандуми имзоланганди. Бу мажбуриятлар бажарилган тақдирда, Теҳрон ташкилотга аъзо давлатга айланади.







