Фарғонада электромобил ишлаб чиқариш йўлга қўйилади
Шунингдек, электромобиллар учун кузов, заряд станцияси, аккумулятор эҳтиёт қисмлари маҳаллийлаштирилади.

Фарғонадаги “Central Asia Motors” корхонаси негизида электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров электромобиллар учун эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда енгил ва юк электромобилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича қилинган ишларни кўздан кечирган.
Корхонада, шунингдек, электромобиллар учун кузов, қувватлаш станцияси, аккумулятор эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилиши маҳаллийлаштирилади.
Лойиҳанинг умумий қиймати 50 миллион долларга баҳоланмоқда. Шундан 40 миллион долларни тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этади. Йилига 10 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш, унинг 40 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилмоқда.
Тадбиркор вилоят раҳбарига электромобиллар ишлаб чиқариш жараёнлари жорий йил якунига қадар бошланишини маълум қилган.








