Тошкентдаги парфумерия дўконида юз берган ёнғин қасддан уюштирилгани маълум бўлди
Қашқадарёлик эркак дўконга нима мақсадда ўт қўйганини айтиб берди.

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги дўконлардан бирида катта ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ қўшимча маълумот эълон қилди.
Маълум бўлишича, олов электр ёки газдан келиб чиқмаган. Қўшни дўконларнинг кузатув камерасидаги тасвирларга кўра, тун ярмида қора кепка ва маскада келган шахс дўкон эшигини синдириб, ёнувчи моддани сепиб, дўконни ёқиб кетгани акс этган.
Суриштирув ҳаракатлати давомида ушбу жиноятни 1991 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, муқаддам бир неча маротаба жиноят содир этиб судланган Нуриддин исмли шахс содир этгани аниқланган.
“Дўкон ойнасини ёқиб қўрқитиб қўймоқчи эдим, катта ёнғин бўлиб кетди”, — дейди қашқадарёлик эркак.
Қасддан содир этилган ёнғин туфайли дўкон эгаларига 4 млрд сўмга яқин зарар етказилган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.








